Авлодлар ўртасидаги самимият риштаси
Авлодлар ўртасидаги самимият риштаси

Навоий вилояти Кармана тумани Арғун маҳалласида умргузаронлик қилаётган Ҳимматулло бобо Раҳматов 85 ёшни қарши олди. Умрининг 47 йилини тумандаги 5-мактабда ёшларга таълим беришга бағишлаган. Боғланиб қолган экан чоғи, қадрдон мактабидан ҳамон кўнгил узолмайди. Бирор баҳона топиб, ҳафтасига камида бир бор келади.
— Мактабнинг кутубхонасидан китоб оламан, — дейди Ҳимматулло Раҳматов. — Ўқиб тугатгач, шу мактабдаги китобхон ўқувчилар билан муҳокама қиламан. Кейин яна янгисини оламан.
Айтганимиздек, Ҳимматулло бобога китоб бир баҳона - мактабнинг ўқитувчилари, ўқувчилари билан суҳбат қуриб, тизимдаги янгилик, мактабдаги ўзгаришлардан дили яйрайди. Ўзини жамиятнинг фаол аъзоси сифатида ҳис этади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги «Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ҳар йили юртимизда «Кексалар ҳафталиги» ўтказилишидан кўзланган мақсад ҳам аслида шу –ёши улуғ авлодни фаолликка жалб этиш орқали уларга меҳр ва оқибат кўрсатиш, бой ҳаётий тажрибасидан унумли фойдаланишдан иборатдир.
— Кексалар ўзбекона қадриятларимизни, урф-одатларимизни, оила учун қадрли ва тарбиявий аҳамиятга эга бўлган муносабатларни ёш авлодга етказувчи ва улар онгига сингдирувчи инсонлар, — дейди «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими раиси Фахриддин Солиев. — Шу билан бирга кекса авлод биргина ширин сўз, жиндек эътиборнинг садағаси. Табиийки, бу эҳтиром мамлакатимизда ҳафталик доирасидагина эмас, доимий равишда кўрсатилмоқда. Таъкидлаш жоиз, жамиятда нуронийларга кўрсатилаётган эҳтиром, албатта, ўша авлоднинг ўзига кейинги авлод томонидан қайтади.
Ҳафталик доирасида «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан кекса авлод вакиллари ҳолидан хабар олинди. Уларнинг бой ҳаётий тажрибаларидан кенг фойдаланишга қаратилган бир қатор маънавий-маърифий ҳамда спорт тадбирларни ўтказилди. Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларига саёҳат, юртимиздаги муқаддас қадамжоларга зиёратлари ташкил этилди. Бир пиёла чой устида самимий суҳбатлар уюштирилиб, отахону онахонлар шу кунларга етказганига самимий шукроналар билдиришди.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Тадбирлар тақвими
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |