Андижонда ўтказилган “Маҳалла” кубоги мусобақаларида 2 мингдан зиёд ўғил-қиз иштирок этди.
Андижонда ўтказилган “Маҳалла” кубоги мусобақаларида 2 мингдан зиёд ўғил-қиз иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 30 октябрда қабул қилинган “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони маҳалла ва қишлоқларда аҳоли кенг қатлами, айниқса, ёшларни оммавий спорт турларига жалб қилишда муҳим аҳамият касб этаётир. Ушбу ҳужжат ижроси доирасида жойларда ўтказилаётган “Маҳалла кубоги” спорт мусобақаси эса ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган ёки ички ишлар идоралари ҳисобида турган, ижтимоий дафтарлардаги оилалар фарзандлари бўлган 13-16 ёшдаги ўсмирларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиб, улар онгу шуурига соғлом турмуш кўникмаларини сингдиришга хизмат қилмоқда.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан Андижонда ўтказилган “Маҳалла кубоги”нинг вилоят босқичида шаҳар ва туманлардан сараланган 32 нафар иштирокчи стол тенниси бўйича ўз маҳоратларини намойиш этди.
Қизғин баҳсларда Асака, Марҳамат ва Избоскан туманлари вакиллари фаол иштирок этдилар. Марҳамат туманидаги “Шаҳристон” МФЙ ёшлари вилоят биринчилигини қўлга киритиб, мусобақанинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.
“Маҳалла кубоги” мусобақаси ўз доирасида Андижон вилоятида икки минг нафар ёшларни қамраб олибгина қолмасдан, улар орасида спортга бўлган қизиқишни янада мустаҳкамлади.
Саминжон ҲУСАНОВ,
“Халқ сўзи”
Тадбирлар тақвими
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |