Эътибордан кўнглим тоғдай кўтарилди
Эътибордан кўнглим тоғдай кўтарилди

Мамлакатимизда эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар, ногиронлар ва қийин шароитларда яшаётган аҳоли вакилларига кўмаклашиш, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этишда “Саховат ва кўмак” жамғармаси туман, шаҳар бўлинмалари томонидан эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
– Бу борада жамғарманинг Бўстон туман бўлинмаси томонидан ҳам қатор ишлар амалга оширилди, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Бўстон тумани бўлинмаси ходимаси Кумушой Муродова. – Жумладан, жамғарма томонидан жорий йилнинг ўтган даврида эҳтиёжманд ҳамда “Темир дафтар”га киритилган оилалар, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга, шунингдек, эҳтиёжманд оилаларда яшовчи 71 нафар фуқарога 81 миллион 930 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам пули ажратилди. Кўплаб эҳтиёжманд оилаларга бир неча турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Бундан ташқари, 1-2- гуруҳ ногиронларига ҳамда соғлигини тиклаш, операция қилдиришга муҳтож 119 нафар фуқарога 223 миллион 460 минг сўм миқдорида моддий ёрдам пули берилди, 365 миллион 176 минг сўмлик ёрдам кўрсатилди.
– Давлатимизга раҳмат, мен каби қийин шароитда яшаётган, саломатлигини йўқотган инсонларни ўз ҳолига ташлаб қўйгани йўқ, – дейди Бўстон тумани Деҳқонобод маҳалласида яшовчи Хосиятхон Эргашева. – Мен бир неча йилдан буён оғир хасталик билан оғрийман.
Шифокорлар Ҳиндистон давлатига бориб даволанишим мумкинлигини айтишганда ҳаётдан умидимни узган эдим. Умидсизликка тушиб, лекин бир илинж билан ёрдам кўрсатишларини сўраб, “Маҳалла” фонди туман бўлинмасига мурожаат қилдим. Очиғи, кутмаган эдим. “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан даволанишим учун 20 миллион сўм маблағ берилди. Кўрсатилган ёрдамдан, эътибордан кўнглим тоғдай кўтарилди. Мен каби оддий одамларга кўрсатилаётган бундай эътибор учун Президентимизга, мана шундай хайрли ишларнинг бошидан турган барча инсонларга раҳмат.
Бўстон туманида жамғарма томонидан эҳтиёжманд аҳоли вакилларини қўллаб-қувватлашга қаратилган бу каби хайрли ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА
Тадбирлар тақвими
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |