Янгиликлар

Меҳр-мурувватдан кўнгиллар шодон

Меҳр-мурувватдан кўнгиллар шодон
Меҳр-мурувватдан кўнгиллар шодон

3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан юртимизда анъанавий тарзда ҳар йили 30 ноябрдан 30 декабрга қадар ўтказиладиган “Меҳр-мурувват ойлиги” доирасидаги кенг қамровли хайрли ишлар юзлаб ҳамюртларимизнинг қалбида эртанги кунга ишонч ва розилик ҳиссини оширмоқда.

Наманган вилоятида ҳам бугундан эътиборан ушбу ойликни самарали ташкил этиш юзасидан белгиланган аниқ манзилли чора-тадбирларга уюшқоқлик билан киришилди. Бунда ногиронлиги бор фуқароларга эътиборни янада кучайтириб, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, хусусан, бепул тиббий хизмат билан қамраб олиш, ногиронлик аравачалари, протез-ортопедия воситалари билан таъминлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Халқаро ногиронлар куни олдидан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Наманган вилоят бўлими томонидан жисмоний имконияти чекланган қатлам вакилларининг аҳволи ўрганиб чиқилди ва улардан 10 нафарига махсус аравача, 12 нафарига эшитиш мосламалари топширилди.

Ана шундай ғамхўрликдан баҳраманд бўлган Уйчи туман “Машад” маҳалласида яшовчи биринчи гуруҳ ногирони Сайфиддин Патхиддиновнинг оиласи ниҳоятда хурсанд. Чунки хонадон фарзандига махсус мослама берилганидан сўнг унинг эшитиш қобилияти анчагина яхшиланди. Ҳомийлар бу оилага озиқ-овқат ва кийим-кечаклар ҳам тақдим этишди.

Янги Наманган туманидаги “Истиқбол” маҳалласида истиқомат қилувчи Зокиржон Тошбоевнинг отаси вафот этган. Онаси билан яшаётган бу йигит оилада ёлғиз ўғил бўлиб, қурилишда ишлаган вақтида бахтсиз ҳодиса туфайли икки оёғига бетон тушиб кетган. Мана, бир йилдан буён тўшакка михланиб қолган Зокиржон доимий даволаниб туради, яна жарроҳлик амалиётига муҳтож. Ушбу оила ўрганилганида Зокиржон онасининг рўзғор ишларида қийналаётганини айтиб, кир ювиш машинаси олиб беришда ёрдам сўрагади. Жамоат фонди томонидан оилага ушбу маиший техникага қўшиб озиқ-овқат ва кийим-кечаклар совға қилинди.

Давлатобод тумани “Елхон” маҳалласида яшовчи Абдуғани Чўтбоев 2016 йилда инсульт бўлиб ётиб қолган. Биринчи гуруҳ ногирони бўлган бу инсон ҳам шу кунларда махсус аравача билан таъминланди. Худди шундай, Тўрақўрғон тумани “Қашғаргузар” маҳалласидан Шокиржон ота Аҳмаджонов ўзига кўрсатилган мурувватдан мамнун. Яқинда тақдим қилинган ногиронлик аравачасида кўча-кўйга бемалол чиқяпти.

Бу сингари инсонпарварлик ёрдамидан кўнгли кўтарилган кўплаб инсонларнинг қўли дуода. “Меҳр-мурувват ойлиги” доирасида “Маҳалла” фонди томонидан яна юзта хонадонга ташриф буюриш, уларга моддий кўмак ва озиқ-овқат маҳсулотлари топшириш режалаштирилган. Бу биргина фонднинг эзгу мақсади. Унга бошқа хайрихоҳ ташкилотлар, ҳомийлар ҳаракати ҳам қўшилса, мурувватдан баҳраманд бўладиганлар салмоғи бир неча ўн баравар ортади. Эътирофли жиҳати, хайрли ишларга саховатли тадбиркорлар ҳам фаол бош қўшмоқда. Масалан, Наманган шаҳридаги “Гранд текстиль савдо” масъулияти чекланган жамияти ўз корхонасида тайёрланган текстиль маҳсулотларини “Маҳалла” хайрия жамоат фонди орқали ногиронлиги бўлган шахсларга тақдим этаётир.

Бугун “Меҳр ва мурувват ойлиги” тадбирлари вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида кенг миқёсда бошлаб юборилди.

 Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,  

Халқ сўзи

98 | 05.12.2022
Тадбирлар тақвими

Тадбирлар тақвими

    ДшСшЧшПшЖмШнЯк
    Тўлов усули :
    Ушбу Оферта, масофавий банк хизматларини тақдим этиш бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисида Шартнома тузиш учун жисмоний шахсларга юбориладиган тўлов тизимларининг расмий оммавий офертаси. Ушбу Офертада кўрсатилган ҳаракатларнинг бажарилиши бу Офертада кўрсатилган шартларда, тартибда ва ҳажмда жисмоний шахслар томонидан хизматлар кўрсатиш тўғрисида Шартнома тузишга розилик (қабул қилиш) нинг сўзсиз тасдиқидир.
    Диққат, сайт синов режимида ишламоқда! ! !

    Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш