Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди
Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди

3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни муносабати билан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳамда унинг туман, шаҳар бўлинмалари томонидан “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди” шиори остида бир қатор тадбирлар ўтказилди, меҳр ва эътиборга муҳтож, ногиронлиги бор фуқаролар ҳолидан хабар олинди.
– Ўзгаларга меҳр-саховат кўрсатиш, муҳтожларга кўмак бериш халқимизнинг асрлар оша давом этиб келаётган қадриятларидандир, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Андижон вилояти бўлим бошқарув раиси Б. Турсунов. – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан ўтказилган тадбирларимиз ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтарди.
Фонднинг вилоят бўлими бошқаруви томонидан Бўстон туманидаги Обод, Мустақилликнинг 15 йиллиги, Ғолиб, Маданият, Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғинларида яшаётган жисмоний имконияти чекланган фуқаролар ҳолидан хабар олиниб, уларга "Маҳалла таянчи" МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган ётоқ жамланмалари ҳамда эсдалик совғалари улашилди.
Фонднинг Булоқбоши тумани бўлинмаси “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан туманда истиқомат қилаётган ногирон болалар ҳолидан хабар олиниб, уларга жамғарма томонидан тайёрланган озиқ-овқат ва эсдалик совғалари топширилди.
Хўжаобод туманида ушбу сана муносабати билан туман ҳокимлиги ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда кўзи ожиз, ногиронлиги бор нуронийлар иштирок этди. Уларга байрам дастурхона уюштирилиб, совға-саломлар улашилди.
Асака тумани "Саховат ва кўмак" жамғармаси ходимлари Халқ депутатлари Асака тумани кенгаши депутатлари билан биргаликда туманда яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган фуқаролар ҳолидан хабар олиб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари, эсдалик совғалари тарқатди.
Андижон тумани ҳокимлиги ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси ҳамкорлигида ўтказилган “Саховат карвони” тадбирида тумандаги 78 та маҳаллада яшаётган, васийликка олинган, жисмоний имконияти чекланган фуқаролар ҳолидан хабар олинди. Рўйхат асосида ана шу фуқароларга озиқ-овқат маҳсулотлапри ҳамда кўмир тарқатилди.
Ногиронлиги бор фуқароларни қўллаб-қувватлаш, инсон қадрини улуғлашга қаратилган бу каби саховат тадбирлари фонднинг барча туман ва шаҳар бўлимлари томонидан юқори кўтаринкилик билан ўтказилмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА
Тадбирлар тақвими
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |