Нуронийларга эҳтиром
Нуронийларга эҳтиром

Мамлакатимизда кексаларни ҳурмат қилиш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Бу борада Президентимизнинг 2022 йил 15 март куни “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, кексаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражаси ва ижтимоий фаолликларини янада оширишнинг устувор вазифалари белгиланди.
Қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими ташаббуси билан Навоий давлат педагогика институти “Қатағон қурбонлари” музейида “Уч авлод” учрашуви ташкил этилди.
Унда Навоий шаҳридаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи кексалар, ўрта авлод вакиллари, институтнинг профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.
Дастлаб тадбир иштирокчилари “Қатағон қурбонлари” музейи фаолияти билан яқиндан танишди. Музей ходимлари эса тўпланган экспонатлар, уларнинг тарихи ва аҳамияти хусусида сўзлаб берди.
– Халқимизда “Қариси бор уйнинг париси бор”, деган гап бор, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими бошқаруви раиси Фахриддин Солиев. – Кексалари бор хонадонда қувонч, файз-барака, хотиржамлик ҳукм суради. Кексаларга эҳтиром, эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш эса азалий қадриятларимиздан. Зеро, кексаларимиз яқин ўтмишни бугун билан боғлайдиган кўприк бўлиб, ёшларни тинчлик-осойишталикнинг қадрига етишга ундайди.
Учрашувда ёши улуғ отахон ва онахонлар ёшлик давридаги қийинчиликлар, меҳнат палласидаги машаққатлар, нуронийлик пайтида кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақида ўз фикрларини билдирди. Жумладан, Абри бобо Раҳматов, Бобоқул бобо Турсунов, Мулойим момо Ашурова ва бошқалар ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларга яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, билим эгаллашлари лозимлиги, бугунги тинч ва осойишта кунларга шукроналик келтириш борасида ўз фикрларини ҳаётий мисоллар билан гапириб берди.
– Биз, кексаларга яратилаётган кенг имкониятлар, енгилликлар, шарт-шароитлар учун миннатдормиз, – дейди 70 ёшли онахон Мулойим Ашурова. – Айниқса, Президентимизнинг “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бизга бўлган эътиборнинг яққол намунасидир. Қарор билан маҳаллаларда нуроний ва кексалар билан ишлаш тизими янада такомиллашмоқда. Турли тадбирлар ташкил этилиб, иззат-ҳурмат кўрсатилмоқда. “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган кексалар ва нуронийлар ҳолидан хабар олинмоқда.
Тадбир давомида ўзбек, рус, қозоқ, қорақалпоқ тилларида куй-қўшиқлар ижро этилиб, бир гуруҳ отахон ва онахонларга совғалар топширилди.
А.Бўриев, ЎзА
Тадбирлар тақвими
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |