Юрт сарҳадларини қўриқлашда қурбон бўлган жангчи оиласи йўқланди
Юрт сарҳадларини қўриқлашда қурбон бўлган жангчи оиласи йўқланди

Ватанимиз тинчлиги, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, сарҳадларимизни қўриқлаш йўлида жонини фидо қилган ўғлонлар асло унутилмайди, уларнинг пок руҳлари ҳаққига ҳамиша дуо қилинади.
Наманган вилоятининг Наманган туманида мард ва жасур Камолиддин Тошпўлатовни кўпчилик яхши сифатлар билан эсга олади. Тумандаги 24-мактабни битириб, ҳарбий хизматни танлаган ўктам йигит Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги ҳарбий қисмлардан бирида Ватан олдидаги бурчини шараф билан ўтади. У 2000 йилда юртимиз сарҳадларига ғаразли ниятларда бостириб кирмоқчи бўлган жангариларга мардларча қаршилик қилиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлди.
Бугунги кунда Камолиддин номини абадийлаштириш мақсадида ўзи ўқиган мактабда унинг бюсти ўрнатилган ва яшаган кўчасига номи берилган. Қувонарлиси, жасур ҳарбийнинг икки ўғли ота йўлидан боришга аҳд қилиб, мудофаа касби сирларини ўрганиб бормоқда.
Юртимизда Камолиддин каби ўз жонини шу муқаддас эл учун қурбон қилган мард ўғлонларнинг хотирасини ёд этиш, бугунги кунда сарҳадларимизда кунни тунга улаб, шараф билан хизмат қилаётган ҳарбийларнинг матонатини ўсиб келаётган ёш авлод вакилларига кенг тарғиб этишда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган маънавий-маърифий тадбирларнинг ўрни беқиёс.
“Армия ва халқ – бир тану бир жон!” деган олижаноб ғоя ва амалий ҳаракат барча бўғиндаги ҳокимият ва бошқарув идоралари, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ташкилотлари, таълим-тарбия муассасалари фаолиятини, кенг жамоатчилик ҳаётини қамраб олмоқда. Бу эса Ватан ҳимояси чиндан ҳам барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки шарафли бурчимизга айланиб бораётганидан далолат.
- Турмуш ўртоғим билан фахрланаман, Ватанни ҳимоя қилиш йўлида жонини аямаган, - дейди Камолиддиннинг турмуш ўртоғи Гулноза Нуриддинова. - Икки нафар фарзандимизни отасиз вояга етказиш осон бўлмади, лекин қилинган меҳнат самара бермоқда. Дилбандларим илм олди, касб эгаллашмоқда. Байрам арафасида вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, вилоят “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, туман ҳокимлигидан келиб кўнглимни кўтаришди. Оилавий муаммоларни суриштиришди. Эътибордан четда қолмаганлигимиз учун катта раҳмат.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА
Тадбирлар тақвими
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |