Наманганда эзгу ташаббус: эҳтиёжманд оилаларга кўмир тарқатилмоқда
Наманганда эзгу ташаббус: эҳтиёжманд оилаларга кўмир тарқатилмоқда

Айни кунларда юртимизда аномал совуқ шароитида аҳолига бир маромда энергия манбаларини етказиш мақсадида “Наманган тажрибаси” сифатида вилоят ҳокими ташаббуси билан кўмир тарқатилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш чора-тадбирлари бўйича куни кеча ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган топшириқлар ижроси доирасида вилоят бўйлаб кам таъминланган, моддий ёрдамга муҳтож, махсус ижтимоий дафтарларга киритилган, ногиронлиги ва бетоб фарзандлари бор эҳтиёжманд оилаларга бепул кўмир етказиб берилмоқда.
Жумладан, Уйчи туманидаги “Ўзбеккўмир” акционерлик жамияти туман кўмир омборидан махсус юк транспорт воситаларига ортилган 138 тонна маҳсулот маҳалла фуқаролар йиғинларидаги эҳтиёжманд хонадонларга тегишли рўйхат асосида юборилди.
– Туманимиздаги 56 та маҳалла кесимида кўмир олишга эҳтиёжи бор, ижтимоий муҳофазага муҳтож 460 та оилага "Саховат ва кўмак" жамғармаси ҳисобидан текинга кўмир тарқатдик, – дейди Уйчи тумани Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Исломжон Валихонов. – Ҳар бир хонадонга ўртача 300 килограммдан бепул кўмир етказиб берилди.
Қувурбоши маҳалласи Наманган шаҳри билан ёндош ҳудудда жойлашган бўлиб, бугунги кунда 515 та хонадонда 3 минг 238 киши истиқомат қилади. МФЙ раиси Ғофуржон Ҳайдаровнинг айтишича, ҳозирга қадар куз-қиш мавсумида фуқаролар ўз уйларини иситиш учун 150 тоннадан зиёд кўмир харид қилган. Ушбу ёқилғи турини олишга қийналаётган оилалар ҳам бор. Вилоят ҳокимининг эзгу ташаббуси уларга ёрдам қўлини чўзишда айни муддао бўлди. Тузилган рўйхатга кўра, ана шундай тоифадаги тўққизта хонадон 2,7 тонна бепул кўмир билан таъминланди.
– Икки нафар фарзандим билан ижарада яшаймиз. Ёзда мавсумий иш билан шуғулланиб, рўзғор тебратаман. Қишда эса вақтинча ишсизлигим сабабли маҳалламиз раисига ёрдам беришларини сўрагандим, – дейди қувурбошилик ёлғиз аёл Муқаддас Жўраева. – Хонадонимизни иситиш, қишни беталофат ўтказиб олишимиз учун етарли кўмир билан таъминлашганидан хурсандман.
Қайд этиш жоизки, қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги штаб томонидан ҳудудлардаги вазият қатъий назоратга олиниб, жойлардан келиб тушаётган мурожаатлар, мавжуд муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш, одамларга қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маълумот ўрнида, Наманган вилоятидаги шаҳар ва туманлардаги маҳаллалар кесимида эҳтиёжманд 6 минг оила рўйхати шакллантирилиб, уларга жами 1799,7 тонна кўмир текинга тарқатилиши белгиланган. Кўмирни хонадонларга етказилиши ва тизимли иш ташкил этилиши туман ҳокимликлари, сектор раҳбарлари, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш туман бўлимлари масъуллари томонидан назоратга олинган.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА
Тадбирлар тақвими
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |