Эзгу ташаббус маънавий юксалишга хизмат қилади
Эзгу ташаббус маънавий юксалишга хизмат қилади

Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги маҳаллаларда “Китоб – ҳаётни яратувчи мураббийдир” шиори остида “Ҳар бир маҳаллага китоб” лойиҳаси доирасида тадбир ташкил этилди
Китоб — инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси ва билим манбаидир. Китоб фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, мўътабар ва муқаддас деб ҳисоблаган. Шунинг учун китобга бўлган муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга иштиёқ халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган.
Инсоннинг маданияти унинг китобида акс этади, дейди доно халқимиз. Ҳозирда китобга қизиқиш, мутолаа маданиятини аҳоли орасида юксалтириш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 20 декабрдаги Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган мурожаатномасида ҳам ҳар бир маҳаллада кутубхона ташкил этиш кераклиги таъкидланган эди. Шу мақсадда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан “Ҳар бир маҳаллага китоб” лойиҳаси ташкил этилди. Лойиҳа доирасида фонд томинидан Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги 15 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги кичик кутубхоналар учун машҳур адибларимизнинг бадиий, тарихий асарлари, жаҳон адабиёти дурдоналари ва болалар адабиёти намуналаридан иборат китоблар жамланмаси топширилди. Бу эзгу ташаббус аҳолининг маънавий салоҳияти, тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, китобхонлик маданиятини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
–Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи, –, дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раиси М. Сатторов – Аслида ҳам китоб ва китобхонлик инсонлар онг-тафаккурини теранлаштириб, қалбига энг гўзал эзгу ниятларни жойлайдиган, уларни яхшиликларга етаклайдиган воситадир. Шунинг учун ҳар доим китоб ўқишга эҳтиёжимиз бор. Президентимиз мутолаа ҳақида фикр билдириб, жумладан, шундай деганди: “... ҳаммамиз учун айни пайтда жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган масала, яъни китобхонликни кенг ёйиш ва ёшларимизнинг китобга бўлган муҳаббатини, уларнинг маънавий иммунитетини янада оширишга қаратилган ишларимизни янги босқичга олиб чиқиш вазифаси турибди”.
Бу лойиҳа ҳар бир маҳаллада ўз кутубхонасини ташкил қилиш, аҳолини китобга бўлган қизиқишини янада ошириш, маҳалла аҳлининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва маҳаллаларнинг маънавий хазинасини янада бойитишга хизмат қилади.
Дилором Ғаффорова,
Республика Маънавият ва маърифат
маркази Шофиркон туман бўлинмаси раҳбари
Тадбирлар тақвими
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |