Эҳтиёжманд оилалар хонадонига кўчатлар экилмоқда
Эҳтиёжманд оилалар хонадонига кўчатлар экилмоқда

Халқимиз баҳор фаслини ўзгача кўтаринкилик ва тайёргарлик билан кутиб олади. Айниқса, бу фаслда кўчат экиб, атрофни ободонлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади. Шу кунларда бошқа ҳудудларда бўлгани каби Навоий вилоятида ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт кўчатлари экиш ва хайрия ҳашарлари ташкил этилмоқда.
Лойиҳа доирасида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилояти бўлими ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Фонднинг вилоят бўлими, Ўзбекистон Экологик партияси вилоят бўлими билан ҳамкорликда Навоий шаҳридаги “Янгиариқ” маҳалласида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд оилалар хонадонига 10 тупдан мевали дарахт кўчатлари экиб берди.
Неъмат бобо Жумаев маҳалланинг С.Айний кўчаси, 32-уйда истиқомат қилади. 1948 йилда туғилган бобо ёлғиз яшайди. Унинг хонадонидаги бўш турган ерга 10 туп олма, анжир, олча, беҳи ва бошқа мевали дарахт кўчатлари экиб берилди. Бундан ташқари Аҳмад Яссавий кўчаси, 46-уйда яшовчи Баҳром ота Баракаев хонадонига ҳам 10 туп мевали дарахт кўчатлари туҳфа қилинди.
– Кўклам келиши билан кўча-кўйлар, маҳаллаларни обод қилишга, ён-атрофни озода, тартибли ва саранжом ҳолда сақлашга алоҳида эътибор қаратилиб, кенг кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бунда “Маҳалла” фонди Навоий шаҳар бўлинмаси томонидан ҳам шаҳардаги барча маҳаллаларда бўш турган ерларга мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилмоқда, – дейди фонднинг Навоий шаҳар бўлинмаси раиси Сурат Шарипов.
Бундан ташқари, фонд томонидан умуммиллий лойиҳа доирасида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, якка ёлғиз кексалар, ногирон, боқувчисини йўқотган “Аёллар дафтари” ва “Темир дафтар" рўйхатига кирган фуқаролар ҳолидан хабар олиниб, уларга “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан турли даражадаги ёрдам кўрсатилмоқда.
Шу кунга қадар Фонд вилоят бўлими, туман ва шаҳар бўлинмалари томонидан 2500 донадан зиёд манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди.
А.Бўриев,
ЎзА
Тадбирлар тақвими
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |